Ўзбекистон тарихига оид нодир китоблар Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига топширилди

Ўзбекистон тарихига оид нодир китоблар Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига топширилди

Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан тақдим этилган юртимиз тарихи, санъати, маданияти ҳамда миллий ҳунармандчилигига бағишланган китобларни ҳадя этди.

Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, исломшунослик соҳасида дунёдаги энг нуфузли илмий марказлардан бири саналади. Марказ васийси Буюк Британия қироли Карл III ҳисобланади.

Ислом оламисанъати, гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, муассасалар ўртасида халқаро академик ҳамкорликни рағбатлантириш, илмий нашрлар орқали ислом оламидаги замонавий тенденцияларни ёритиш марказнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Китобларни тантанали топшириш тадбири Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази кутубхонасида ташкилот раҳбарияти ва ходимлари иштирокида ўтказилди. Йиғилганларга юртимиз бой мероси ва тарихи ҳақидаги муҳим маълумотларни жамлаган мазкур китоблар тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, «Темур тузуклари», «Бухоро ислом олами маданияти пойтахти», «Шарқ ва Ғарб нодир асарлар жамланмаси», «The art history of Uzbekistan» ва бошқа адабиётлар ҳақида алоҳида таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур нодир адабиётлар Ўзбекистон тарихини янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини тақдим этишини билдирди.

Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Жон Уилк Ўзбекистон раҳбарияти жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ислом алломалари меъросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга кўмаклашиш, шунингдек, ислом динининг чинакам инсонпарварлик моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш соҳасида олиб бораётган сиёсатини юксак баҳолади.

-Биз Ўзбекистон ҳақидаги ажойиб китоблар тўпламини қабул қилиб олганимиздан жуда хурсандмиз. Ушбу нодир асарлар марказ кутубхонасини янада бойитади. Марказ икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришдан доимо манфаатдор, дейди у.

Биласизми?
Ўзбекистон тарихига оид нодир китоблар Оксфорд Ислом тадқиқотлар марказига топширилди

Оставьте комментарий