Диабет олди ҳолатни даволаш учун нималарга амал қилиш керак?

Диабет олди ҳолатни даволаш учун нималарга амал қилиш керак?

Диабет олди ҳолат — бу инсон организмида углевод алмашинувининг эрта бузилиши бўлиб, нормал аҳвол ва қандли диабет ўртасидаги оралиқ ҳолатдир.

Севара Фахрутдинова,
тиббиёт фанлари доктори:

Агар турмуш тарзи ўзгартирилмаса, 70 фоиз беморларда диабет олди ҳолат 3 йилдан 10 йилгача бўлган давр ичида қандли диабетга ўтади. Илмий тадқиқотларга кўра, диабет олди ҳолатда ўз вақтида тайинланган даво муолажалари, парҳез ва соғлом турмуш тарзи 58 фоиз ҳолларда қандли диабет ривожланишининг олдини олади.

Диабет олди ҳолатни даволаш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш лозим:

1. Жисмоний фаоллик. Ҳар куни 30-60 дақиқа, ҳафтасига камида 5 маротаба 2-3 км (5000 қадам) пиёда юриш, зинадан тепага чиқиш, велосипед ҳайдаш, рақсга тушиш, сузиш.

2. Тўғри ва меъёрда овқатланиш. Оқсиллар, шу жумладан ўсимлик оқсиллари, клетчаткага бой бўлган сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш, овқатда калория миқдорини суткасига 1500 ккал гача қисқартириш, углеводлар, яъни ширинликлар, фаст-фуд, газланган ичимликларни камайтириш, ёғ истеъмолини озиқ-овқат умумий калориясидан 30-35 фоизгача чеклаш.

3. Кун тартибини тўғри ташкил этиш. Нотўғри уйқу режими қондаги қанд миқдорига таъсир қилиши, бу эса иштаҳанинг ошиши ва вазн ортишига олиб келиши мумкин. Суткасига ўртача 7-8 соат ухлаш тавсия этилади.

4. Зарарли одатлардан воз кечиш. Тамаки чекишни ташлаш, спиртли ичимликлардан воз кечиш. Ўткир алкоголь маҳсулотлари юқори калорияга эгалигини инобатга олиб, семизлик, диабет олди ҳолат ёки қандли диабети бўлган инсонлар уларни истеъмол қилмасликлари керак.

5. Стресс ва зўриқишдан сақланиш. Стресс ва сурункали чарчоқ оргнизмдаги гормонал ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бу эса қанд метаболизми билан боғлиқ турли муаммоларни келтириб чиқаради.

Диабет олди ҳолатни даволаш учун қандай дори воситаларини қабул қилиш лозимлиги тўғрисидаги тавсиялар аниқ ташхис қўйилгандан сўнг оилавий шифокор ёки эндокринолог томонидан берилади.

Биласизми?
Диабет олди ҳолатни даволаш учун нималарга амал қилиш керак?

Оставьте комментарий