Витаминлар инсон танасида қандай вазифани бажаради?

Витаминлар инсон танасида қандай вазифани бажаради?

Организминнг меъёрда ишлаши учун витаминлар зарур органик бирикма ҳисобланади. Бироқ уларнинг қай бири танада қандай вазифа бажаришини биласизми?

Ушбу саволга Чилонзор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Сожида Дўстмаматова батафсил жавоб берди.

— Инсон саломатлигида ушбу органик бирикмаларнинг ўрни беқиёс, — дейди мутахассис. — Мисол учун, А витамини ҳужайраларнинг ривожланиши, терининг кўркамлиги, сочлар гўзаллиги, тирноқлар саломатлиги, кўриш қувватининг кучли бўлиши, суяклар мустаҳкамлиги, юрак-қон томир, нафас олиш ва репродуктив тизимларнинг яхши ишлаши ва ташқи таъсирлардан ҳимояланишни таъминлайди.

Ушбу витамин сабзи, цитрус мевалари, жигар, пишлоқ, творог, сут, тухум, балиқ ва петрушкада кўп бўлади.

Д витамини эса танада кальций ва фосфорнинг сўрилишини тартибга солади. Шунингдек, у суяклар мустаҳкамлиги, қоннинг меъёрда ивувчанлиги, шамоллашдан ҳимояланиш, заҳарли моддаларнинг организмдан чиқиб кетиши, яхши кайфият ва юрак-қон томирлар саломатлиги учун зарур.

Бу витамин балиқ ёғи, эчки сути, сариёғ, пишлоқ, творог, тухум сариғи, денгиз маҳсулотлари, картошка, ўсимлик ёғи, мол гўштида бисёр. Шунингдек, организмда қуёш нури таъсирида ажралиб чиқади.

С витамини — терининг гўзаллиги, кучли иммунитет, соч ва тишлар соғлом бўлиши учун керак.

У кўпроқ цитрус мевалари, сабзи, қизил карам, шивит, наъматак, чаканда мойи (облепиха), қизил рангли мевалар, яшил нўхат, турп ва кивида мавжуд.

К витамини — танадаги жароҳатларнинг тез битиши, қон сифати ва унинг ивувчанлиги меъёрда бўлишига ёрдам беради.

У карам, сабзи, исмалоқ, қичитқи ўт, наъматак, помидор, қулупнай ва кўк чойда мавжуд.

Е витамини — гормонлар ҳосил бўлиши, қон ивиши, асаб тўқималари ва иммунитетни мустаҳкамлаш, репродуктив тизим фаолиятининг яхши ишлаши, ташқи салбий таъсирлардан ҳимояланишни таъминлайди.

У асосан кунгабоқар ва зайтун ёғи, гўшт, қовоқ, жўхори, сариёғ, ёнғоқ, сут маҳсулотлари ва жигарда бор.

В1 — организмда углеводлар алмашинуви, асаб тизими ва мия учун энергия ишлаб чиқариш, жисмоний фаолликни оширишга ёрдам беради. У дон маҳсулотлари, дуккаклилар ва картошкада кўп миқдорда бўлади.

В2 — ҳужайраларга энергия ишлаб чиқариш, кўз ва тери саломатлиги учун зарур. Ушбу витамин сут ва сут маҳсулотлари, жигар, бодом, тухум, қўй гўшти, қўзиқорин, гречка ва творогда мавжуд.

В6 — оқсиллар сўрилиши, асаб тизимининг яхши ишлаши ва қон томирлари соғлом бўлиши учун керак.
У банан, кўк салат, ёнғоқ, карам, буғдой кепаги ва янги ундирилган ниҳоллари, лосось балиғи ҳамда гўштда бўлади.

В12 — асаб тизими ва ичаклар саломатлиги, мустаҳкам хотира ҳамда иммунитет ва қизил-қон ҳужайралари ишлаб чиқариш учун зарур.

У салат, турли балиқ маҳсулотлари, сут, пишлоқ, тухум сариғида кўп учрайди.

Биотин — организмда углевод ва ёғлар синтези, метаболик жараёнларнинг фаоллашишида иштирок этади. У асосан жигар, сут маҳсулотлари, соя, дуккаклилар, ёнғоқда бор.

Фолий кислотаси — янги ҳужайралар ўсиши ва анемиянинг олдини олади. У турли кўкатлар, нўхат, мол гўшти ва жигари, буйрак ва тухумда кўп миқдорда бўлади.

Унутманг! Ҳар қандай витаминни фақат шифокор тавсияси билангина қабул қилиш зарур. Мутахассис кишининг ёши, жинси, соғлиғи, турмуш тарзи ва бошқа омилларга қараб, қайси витаминларни қанча миқдорда ичиш бўйича кўрсатма беради. (https://telegra.ph/file/b33c2546dfa4a1e4c8eb9.jpg)

Биласизми?
Витаминлар инсон танасида қандай вазифани бажаради?

Оставьте комментарий