Байденда Паркинсон касаллиги йўқ ва бўлмаган — Оқ уй

Байденда Паркинсон касаллиги йўқ ва бўлмаган — Оқ уй

АҚШ президенти Жо Байденда Паркинсон касаллиги йўқ ва бўлмаган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер маълум қилди.

“Президент Паркинсон касаллигидан даволанганми? Йўқ. Ҳозирда у Паркинсон касаллигидан даволаняптими? Йўқ. У Паркинсон касаллиги учун бирон бир дори ичяптими? Йўқ”, деди у.

Шунингдек, Жан-Пьер Байден йиллик тиббий кўриклар доирасида уч марта невролог кўригидан ўтганини таъкидлаган.

Аввалроқ Тhе Nеw York Post нашри Оқ уйга ташриф буюрувчилар журналига таяниб, АҚШ президентининг даволовчи шифокори Кевин O’Коннор январь ойида Паркинсон касаллигига ихтисослашган невролог Кевин Канард билан учрашгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, Канард 2023 йилнинг ёзидан 2024 йилнинг баҳоригача Оқ уйга саккиз марта борган.

Жо Байденнинг соғлиғи билан боғлиқ хавотирлар унинг АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп билан 27 июнь куни бўлиб ўтган сайловолди теледебатидаги муваффақиятсиз чиқиши ортидан кучайган. Байден дебат давомида дудуқланиб, фикрларини аниқ ифода эта олмаган ва баҳс охирида рафиқаси Жилл ёрдамида саҳнадан тушган.

7 июль куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида Демократик озчиликлар етакчиси Ҳаким Жеффрис томонидан ўтказилган телефон учрашувида бир қатор демократлар амалдаги давлат раҳбари жорий йилнинг ноябрига мўлжалланган АҚШ президентлиги сайловларидан ўз номзодини қайтариб олиши кераклиги ҳақида фикр билдирган.

“Очиғини айтаман, энди ёш эмаслигимни биламан, аввалгидек осон юрмайман, аввалгидек равон гапирмайман, баҳслаша олмайман, лекин қандай қилиб ҳақиқатни айтишни биламан”, деган эди Байден Шимолий Каролинадаги сайловолди митингида тарафдорлари билан суҳбатда.

Саломатлик
Байденда Паркинсон касаллиги йўқ ва бўлмаган — Оқ уй

Оставьте комментарий